Тадбиркор бекатнинг эгаси...(ми)? Ёхуд дўконга айланган бекатлар
Фуқаролар мурожаати...Ҳаёт бу – кутиш. Ўта фалсафий гап бўлса-да, қайсидир маънода ҳақиқат бор бунда. Чунки, гоҳ қайсидир идора остонасида, гоҳ шифохонада, баъзан раҳбар қабулхонасида кутиб вақт ўтказамиз.
Кўпчилигимиз эса бекатда транспорт кутамиз. Кейинги пайтда юртимизда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган бекатлар пайдо бўлди, атрофи ойнаванд, юмшоқ ўриндиқлар, иситиш ва совутиш мосламалари ўрнатилган. Шу йўналишда қатнайдиган транспорт воситаларининг электрон рўйхати, WiFi тармоғи, телефон апаратларига қувват берувчи мосламаларгача мавжуд. Афсуски, бундай бекатлар айрим вилоятларда бор холос.
Бизнинг Жиззах шаҳримиздаги аксарият бекатлар эса дўконга айланиб кетган. Бу ҳам етмагандек, атрофи турли хил ичимликлар тахлами ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдириб ташланганки, мазкур ҳолат транспорт воситаларининг тўхташи, йўловчиларнинг автобусга чиқиб, тушишига халақит бермоқда. Амалдаги меъёрларга кўра, бекат учун ажратилган майдоннинг камида 70 % йўловчилар учун ажратилган бўлиши керак. Қолаверса, йўловчи бекатда ўз йўналишидаги транспорт келгунча кутиб туриши, нафасини ростлаб олиши лозим. Шаҳримиздаги бекатларни ўрганар экансиз бир ҳолат эътиборингизни тортади. Одатда, марказий кўчалар, яъни одам гавжум бўладиган жойлардаги бекатлар тадбиркорлар томонидан “обод” қилинган. Ажабланарлиси, улар томонидан мижозлари (майли шу ўринда йўловчи бўлмасин) учун бирор қулайлик яратилмаган.
Фуқаролар мурожаатлари юзасидан автобекатларни ўрганганимизда бугунги кунда бекатларнинг дўконга айлантириб юборилишида “бекат-дўкон” эгалари айбланмоқда. Бу нотўғри демоқчи эмасмиз. Тўғри, бекатни савдо марказига айлантирган тадбиркорлар ноқонуний иш қилган.
1. Аммо дўконга айланиб кетган бекат лойиҳасини қурилиш бошқармаси кўрмаганми?
2. Улар кўрмаса, нега лойиҳани экспертизадан ўтказган ташкилот бу ҳолатга кўз юмиб, тасдиқлаб берган?
3. Майли бекатлар “эгалари” бу ташкилотлардан қандайдир йўл билан лойиҳани ўтказишгандир, аммо унга эгалик ҳуқуқини чиқариб берган мутасадди ташкилот қаерга қараган?
4. Ахир эгалик ҳуқуқини чиқариш учун бутун бошли комиссиянинг хулосаси олинмайдими?
Фуқароларимиз мурожаатлари ҳамда шаҳар ҳудудида йўловчиларга сифатли ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатишни таъминлаш, шунингдек шаҳримиздаги автобекатлар фаолиятини тартибга солиш, янги автобекатлар қурилишини ташкил этишда амалдаги норма ва қоидаларга риоя этилиши, мавжуд автобекатлар ҳолатини йўловчиларга қулай ва мос ҳолатга эканлигини ўрганиш юзасидан вилоят прокуратурасига тегишли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб қонуний баҳо беришини сўраб Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг “Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича” доимий комиссияси сўровини киритдик.
❗️Умид қиламизки вилоят прократураси бу ҳолат бўйича адаолатли ва қонуний баҳо беради.