Тошкентдаги боғчада ухламаган болалар оёғига игна санчилгани аниқланди
Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси пойтахтдаги боғчаларнинг бирида болалар оёғига игна санчилгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқ саҳифаларида Янгиҳаёт тумани 122-боғчада болаларни ухламагани учун оёқларига игна тиқишаётгани айтилаётган видео хабар тарқалди.
Аниқланишича, педагогика коллежи ўқувчиси Р.М. амалиётини ўташ учун Янгиҳаёт тумани “Орият” МФЙда жойлашган 122-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига 11 май кунидан 4-сонли кичик гуруҳга қабул қилинган.
26 май куни шу гуруҳ тарбияланувчиларининг икки-уч нафарига ухламагани сабабли игна тиқиб олингани маълум бўлган. Ҳозирда талаба Р.М. амалиётдан четлатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиҳаёт туман ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Сизнинг фарзандингиз таълим-тарбия олаётган муассасада юқоридаги каби нохуш ва бошқа ноқонуний ҳолатлар қайд этилаётганига дуч келсангиз Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ишонч телефони — 71 237 08 93 рақамига қўнғироқ қилишингиз сўралади», — дейилади бошқарма хабарида.