Jizzaxliklar haqida so'zlab beramiz! » Жиззах янгиликлари » Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – халқимиз дастурхонлари баракаси

Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – халқимиз дастурхонлари баракаси

Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – халқимиз дастурхонлари баракаси
Жиззах янгиликлари
10:55, 21 июль 2023
228
0


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.12.2021 йилдаги "Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-52-сон қарорига асосан мамлакатимизда озиқ-овқат кластерлари жорий этилиб, бу борада аниқ ижобий натижалар кузатилмоқда.
Мазкур долзарб вазифаларни бажариш  ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳада фаолият юритаётган BMB-Agroklaster мева-сабзавотчилик кластери "O'zsanoatqurilishbank" акциядорлик тижорат банки билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва экспорт қилиш жараёнларини ўз ичига қамраб, Жиззах вилоятининг Арнасой, Шароф Рашидов ҳамда Ғаллаорол туманларида 16 турдаги юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик субъектлари ҳамда банклар ўртасидаги ишонч асосида қурилган ўзаро манфаатли муносабатлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқариш кўрсаткичларини янада оширишга, шунингдек миллий иқтисодиётимизни янада ривожланишига хизмат қилади.
Жорий йилда мева-сабзавот кластери томонидан юқорида таъкидлаб ўтилган туманлар фермер хўжаликлари билан кооперация асосида картошка (эртанги ва кечки), сабзи, пиёз, помидор, булғор қалампири, бақлажон, саримсоқ пиёз, полиз махсулотлари, кунгабоқар, мош, нўхот, ловия, ерёнғоқ экинларини парваришлаб, уни экспортбоп, “даладан-растагача” тамойили асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ўз олдига устувор мақсад қилиб қўйган.
Шуниси эътиборга моликки, BMB-Agroklaster мева-сабзавотчилик кластери томонидан Ғаллаорол ва Бахмал туманларида “Sante” ва “Seniora” навли картошка уруғлари бир қатор фермер хўжаликлари майдонларида кооперация усулида экиб етиштирилди. Кластер томонидан етиштирилган эртанги картошка маҳсулоти озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички истеъмол бозорларида савдога йўналтирилмоқда.
Шунингдек, бугунги кундаги табиат инжиқликлари, жазирама иссиқ, сув ресурсларининг чеклангани шароитида миришкор деҳқонлар томонидан экилган Bobcat ва Terra Cottа навли помидорлари, California Wonder ҳамда Ласточка навли булғор қалампирлари, дуккакли маҳсулотлардан нўхот юқори ҳосил бериб, юртимиз дастурхонига тортиқ этилмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи глобал аҳамият касб этаётган бугунги кунда BMB TRADE GROUP компанияси томонидан мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиб, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳа халқимизнинг мева-сабзабот ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ҳамда ушбу тармоқ орқали давлатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ctrl
Enter
Хато тоПдингизми
Матнни белгилаб босингCtrl+Enter
Обсудить (0)