Jizzaxliklar haqida so'zlab beramiz! » Жиззах янгиликлари » Жиззахда масжид имом-хатиби 5 йилга қамалди

Жиззахда масжид имом-хатиби 5 йилга қамалди

Жиззахда масжид имом-хатиби 5 йилга қамалди
Жиззах янгиликлари
20:37, 12 сентябрь 2022
655
0

Жиззах шаҳар «Обод» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Имом Бухорий» жоме масжиди имом-хатиби Р.Қўшшаев (исм-шарифлари ўзгартирилган) 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтган. Унда судланувчи (исм-шарифлари ўзгартирилди) Р.Қўшшаевнинг апелляция тартибидаги шикояти кўриб чиқилди.

Р.Қўшшаев Ўзбекистон Республикаси фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, оилали, 3 нафар фарзанднинг отаси.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига кўра 2 йил муддатга диний муассасаларда ишлаш ҳуқуқидан ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Р.Қўшшаев жоме масжид имом хатиби вазифасида ишлаб келаётган вақтда унга топширилган ўзганинг мол-мулкини ўзлаштириш айби билан судланган. Суд мажлисида маълум қилинишича, у масжид учун хайрия қилинган, яъни, масжидни қайтадан қуриш ишларини бошлаш учун берилган 190.000.000 сўм хайрия пулларини масжид ҳисоб рақамига кирим қилмаган ва талон-торож қилиб юборган.

Шунингдек, «Bahor plastics» МЧЖ раҳбарияти томонидан хайрия сифатида берилган 30.000.000 сўмлик кир ювиш кукунларидан тушган пуллар масжид ҳисоб рақамига кирим қилинмаган.

Яна бир шахсни масжид қурилиши учун моддий ёрдам беришга кўндирган имом хатиб 5 000 АҚШ долларини ҳам қўлга киритган. Бу пуллар ҳам масжид ҳисоб рақамига кирим қилинмаган.

Судланувчининг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир қилганлиги жиноят ишида тўпланган далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топганлиги сабабли апелляция инстанцияси суди аввалги суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантиришсиз қолдирган.

Ctrl
Enter
Хато тоПдингизми
Матнни белгилаб босингCtrl+Enter
Обсудить (0)