Жиззахдаги селда бедарак йўқолган илк қурбон топилди
Жиззах вилоят прокуратураси сел тошқини юзасидан расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, кеча 20 апрель куни соат 15:00ларда кучли ёмғир ёғиши оқибатида Фориш тумани, “Эгизбулоқ” М.ф.й ҳудудидаги “Нурота” тоғ тизмасидан “Оришли” қишлоғи орқали “Эгизбулоқ” қишлоғига сел тошқини келган.
Оқибатда, шу ҳудудда яшовчи 4 нафар шахслар вафот этган, 1 нафари бедарак йўқолган ва 6 нафари турли даражада тан жароҳати олган. Шунингдек, сел тошқини натижасида 53 та турар жой ва уларнинг ёрдамчи хўжалик биноларига зарар етган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Олиб борилган терговга қадар текширув ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бедарак йўқолган шахс сувга чўкиши натижасида вафот этганлиги аниқланиб, унинг мурдаси топилди.
Бундан ташқари, воқеа содир бўлган ҳудудда тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тошқин оқибатлари бартараф этилмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижаси бўйича қўшимча равишда маълум қилинади”, дейилади прокуратура хабарида.