Жиззах политехника институти ректори "Жаҳон ректорлар форуми"да иштирок этмоқда
Айни кунларда Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган "Жаҳон ректорлар форуми"да Жиззах политехника институти ректори А.Усманкулов ҳамда институтнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Ж.Абдуназаров иштирок этмоқда.
Ушбу форум илғор халқаро тажрибалар асосида университетларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган. Иштирокчилар илмий-техник салоҳиятни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қиладилар ва университетларнинг интеллектуал фаолияти натижаларини тижоратлаштириш, университет ходимлари учун инновацион малака оширишни ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқадилар.
Форум маҳаллий университетлар ва уларнинг илмий мактаблари орқали халқаро ҳамкорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга, тадқиқот ҳамда таълим хизматлари бозори улушини оширишга хизмат қилди ва интеллектуал фаолият натижаларининг рақобатбардошлигини оширади.
Форум доирасида Жиззах политехника институти билан қуйида номи келтирилган ОТМлар ўртасида ҳамкорлик шартномаларини имзолашга келишиб олинди:
- Varna Free University (Болгария Республикаси);
- Россиянинг Биринчи Президенти Б.Н.Ельцин номидаги Урал Федерал университети (Россия Федерацияси);
- Uskudar университети (Туркия Республикаси);
- Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий Университети (Қозоғистон Республикаси);
- Қирғизистон давлат техника университети(Қирғизистон Республикаси);
- Ош давлат университети(Қирғизистон Республикаси).