Белгия билан заъфаронни етиштиришда ўзаро тажриба алмашиш ва келажакда BMB Za’faron миллий маҳсулотини мазкур давлат бозорларига олиб кириш бўйича келишувга эришилди
Жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари ВМВ Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов бошчилигидаги делегация Бельгиянинг Брюссель шаҳрида бўлиб, бир қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Бельгиядаги элчихонаси кўмагида делегация аъзолари Le Safran de Cotchia компаниясига ташриф буюриб, заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Маълумот учун: ушбу компания бенилюкс давлатлари орасида энг биринчилардан бўлиб заъфарон етиштириш билан шуғулланиб келади. Шу билан бирга, ташриф давомида компания делегацияси мазкур ташкилот фаолияти билан танишиш жараёнида Бельгия давлатида йилига 1.5-2 тонна заъфарон маҳсулотига талаб борлиги ва 1 килограм тайёр маҳсулот нархи 30000 еврога тенг келиши ҳам таъкидланди.
Шунингдек, EUROUZ Ассоциацияси кўмагида Saffron Line компанияси билан музокаралар ўтказилди. Учрашувлар давомида юқори сифатли заъфарон маҳсулотини етиштиришда ўзаро тажриба алмашиш ва келажакда яқиндан ҳамкорлик қилиб, BMB Za’faron миллий маҳсулотини Бельгия бозорларига олиб кириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
27 октябрь куни эса делегация аъзолари Caspian Tradition компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказиб, унда заъфарон ва қуруқ мева маҳсулотларини мамлакатимиздан етказиб бериш бўйича келишувларга эришдилар. Caspian Tradition компаниясининг йиллик қайта ишлаш ва қадоқлаш ҳажмлари 1 тоннани ташкил қилиб, бу мазкур мамлакатдаги юқори кўрсатгичлардан бири ҳисобланади.
Умуман олганда, ўтказилган учрашувлар самарали натижаларини бериб, BMB Trade Group компаниясининг халқаро-иқтисодий фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Компания делегацияси ўз ишчи сафарини давом эттириб, навбатдаги Европа давлати Испания томон йўл олди.