Jizzaxliklar haqida so'zlab beramiz! » Жиззах янгиликлари » Ўзбекистондаги энг қиммат ўсимлик бизнеси — BMB Za’faron

Ўзбекистондаги энг қиммат ўсимлик бизнеси — BMB Za’faron

Ўзбекистондаги энг қиммат ўсимлик бизнеси — BMB Za’faron
Жиззах янгиликлари
20:39, 22 февраль 2022
605
0

5 минг доллар билан бошланган бизнес миллиардлаб инвестиция киритилган катта компанияга айланди. Ва бу IT соҳасида эмас, қишлоқ хўжалигида рўй берди. Сармоя хорижники, маҳсулот ҳам хорижга сотилади. Зираворнинг бир килосига автомобил харид қилиш мумкин. Заъфарон етиштириш ва экспорт қилиш – Business Class'нинг янги, эксклюзив сонида томоша қилинг.

                    

Жараённи ичкаридан кўрсатиб бериш мақсадида Жиззах вилояти Бахмал туманида жойлашган нақ 200 гектарлик заъфарон плантацияларига йўл олдик. Заъфарон бизнеси мавсумий ҳисобланиб, ҳосилни йиғиб олиш ишлари октябр-ноябр ойларида якунланган, плантацияларда эса пиёзларнинг ривожланиш даври кетяпти.

Ўзбекистон–Италия қўшма корхонасидаги лабораторияда териб олинган ўсимлик гулларининг толалари қадоқланади. 90-100 минг дона заъфарон гулидан 1 кг қуриган гул тумшуқчалари олинади. Плантациянинг ўзида 100 дан ортиқ ишчилар ерни ўт-майсалардан холи қилиш билан банд. Бутун дунёда кимёвий дорилардан қочиш тенденсияси ривожланиб бориши натижасида заъфаронга бўлган талаб ортиб боряпти.

Компания таъсисчиларидан бири Бекзод Маматқулов бизнесга келиши, BMB Trade Group'нинг яралиш тарихи ҳақида ҳикоя қилиб берди.

“Отам ошпаз, онам ўқитувчи бўлган. Ота-боболаримнинг ҳаммаси зиёли инсонлар. Тўғрисини айтаман, бизнесмен бўлиш истагим йўқ эди, болалигимда юрист, прокурор бўламан дердим. Шу соҳада таълим олдим ва бир муддат омбудсман тизимида, давлат идораларида ишладим. Лекин вақт ўтиб, бу тизимдан кетишга тўғри келди. Ишдан кетишимнинг сабабини айта олмайман, бу юрагимда қолган дард. Мана шу дард BMB'ни шу даражага олиб чиқишимга сабаб бўлган.

Бекзод Маматқулов

Бизнесга киришимиз тарихи 2015 йили бошланган. Биринчи, чой бизнеси билан шуғулландик. У даврларда монополия урчиб кетганди. Монополияни синдириш керак эди. Лекин бунинг имкони бўлмаган. Шунинг учун ҳам ишимиз ўхшамади. 2016 йилдан бошлаб Арнасой туманида 500 гектар ер олдик ва мош экиш бизнесини бошладик. 3та таъсисчилар, Бекзод, Мирзамурод ва Ботир (BMB) ушбу лойиҳага 4,5 млрд сўм сарфлаб қўйгандик, лекин соҳани яхши билмаслигимиз сабаб банкрот бўлдик.

Мураккаб даврлар эди. Бизнес билан шуғулланиш керакми, йўқми деган савол кўндаланг турарди. Лекин охиригача сабр қилдик ва маблағларимиздан ташқари хорижий инвестицияни ҳам жалб қилиш кераклигини англадик. Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан алоқа ўрнатиш орқали бир қанча Европа мамлакатларида, хусусан, Италияда янги бизнес йўналишини топишга муваффақ бўлдик. Бу заъфарон ўсимлигини етиштириш фаолияти эди. Аммо заъфаронни Ўзбекистонга олиб келиш осон кечмади. Италиялик мутахассислар салкам 1 йил ерларимизни тўлиқ ўрганди ва Бахмал замини танлаб олинди”.

Кўрсатувни тайёрларканмиз, BMB Trade Group маркетинг ишларига алоҳида урғу бериши маълум бўлди. Маҳаллий даражадаги маркетинг ишларидан ташқари хорижий майдонда, хусусан, Италия, Испания мамлакатларида ҳам реклама ишлари кенг олиб борилади. Компания Италиянинг “Милан” ҳамда Испаниянинг “Кадис” футбол клублари билан шартномаларга эга.

Заъфарон қадимдан доривор ўсимлик сифатида фойдаланиб келинган. Замонавий тиббиётда у кўзга томизиладиган дори тайёрлашда ва умумий қувватлантирувчи турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. У қайноқ сут билан ичилса, бош мия фаолиятини мустаҳкамлаб, хотирани кучайтиради. Агар асал билан истеъмол қилинса, буйракдаги тошларнинг майдаланишига ёрдам беради. Заъфарон гули тумшуқлари эритмаси инсон организмига зарур бўлган моддаларга ва турли витаминларга бой. 3 минг йиллик ишлатиш тарихида унинг тўқсон хил турли касалликларни даволашда қўлланиши аниқланган.

BMB Trade Group компаниясига алоқадор савдо айланмаси, реклама харажатлари, ходимлар маоши, ишлаб чиқаришга доир рақамлар, нархлар ҳақидаги маълумотларни кўрсатувга жойладик. YouTube'да тўлиқ видеони томоша қилинг ва изоҳ қолдиринг. Энг қизиқарли ва креатив изоҳ эгаси деб топилган 5 кишига шифобахш заъфарон тақдим этилади.  Муддат – 2022 йилинг 22 март санасига қадар.

Business Class'ни кузатиб боринг, бири-биридан қизиқ компаниялар ҳали олдинда. Биз бизнесни ичкаридан кўрсатамиз.

Ижодий жамоа:
Элдор Абдулвоҳид
Нуриддин Нурсаидов
Иброҳим Саматов
Афзалбек Муҳаммаджонов
Маҳмуджон Солиев

BMB Za’faron билан алоқа:

+998 99 899 59 09

+998 94 307 25 55

Ctrl
Enter
Хато тоПдингизми
Матнни белгилаб босингCtrl+Enter
Обсудить (0)