Жиззах шаҳрида тўхтатилган автомашинадан қурол топилди
Шунингдек, автомашинада резина таёқ ва бошқа транспорт воситасига тегишли давлат рақам белгиси бўлаклари борлиги аниқланди. Жорий йилнинг 7 июнь куни Пахтакор туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими алоқа воситаси орқали 70D 340 MA давлат рақам белгили “Nexia” автомашинаси тўхташ ишорасига амал қилмай ҳаракатлангани ҳақида хабар берган.
Мазкур маълумот асосида транспорт воситасига навбатдаги тўхташ ишораси берилганида, машина 4R-35 йўлининг халқаро аҳамиятдаги М-39 йўлига туташ жойида жойлашган кўприк устига чиқиб, қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатни давом эттирган.
Кўрилган чоралар натижасида “Nexia” Жиззах шаҳри ҳудудида тўхтатилган.
Транспорт воситаси белгиланган тартибда, гувоҳлар иштирокида кўзда кечирилганда, бошқа автомашинага тегишли давлат рақам белгисидан кесиб олинган ҳарф ва сонлар топилган.
Бундан ташқари машинада пневматик тўппонча ҳамда резина таёқ борлиги аниқланган.
Ҳайдовчи ҳолатга изоҳ берар экан, давлат рақами белгисидан кесиб олинган рақам ва ҳарфларни йўлда, ариқ бўйидан топиб олганини билдирди.
Ҳайдовчи пневматик қурол ва резина таёқни ҳам бошқа жойдан топиб олганини айтаётган вақтда суҳбатга унинг шериги қўшилиб, уларни қишлоқда, дўконда ишлайдиган боладан олишганини билдирди.
Пневматик тўппонча ва резина таёқни нима сабабдан транспорт воситасида олиб юрилгани сўралганида, ҳайдовчи ва унинг шериги буни шунчаки қизиқиш, дея изоҳлади.
Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган.